Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика онкология маркази Патоморфологик лаборатория бош илмий маслаҳатчиси, Республика патологик анатомия маркази директори Д.А. Нишанов уч йилдан ортиқ вақт оралиғида биронта вилоятда ИГХ (иммуногистокимёвий текшириш) текширувлари амалда ишлатилмасдан, реактив йўқ деган иддао билан ИГХ текшируви учун хусусий клиникага юборилаётгани танқид қилинган.

 

Бу бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

 

Д. Нишанов 2024 йил 14 октябрдан Республика патологик анатомия марказида директор бўлиб ишлаб келмоқда. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Патоморфология лабораториясининг бош илмий маслаҳатчиси бўлиб, аммо ушбу марказ ходимларига буйруқ бериш ваколатига эга эмас.

Шу ўринда айтиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 27 майдаги 5130-сон қарорига асосан ИГХ (иммуногистокимёвий текшириш) аппарати учун реактивлар маҳалий бюджет ҳисобидан олинади, бу дегани реактивларни ҳар бир вилоят ўз маҳаллий маблағларидан сотиб олади. Яъни реагент ва реактивларни сотиб олиш жараёнида Республика патологик анатомия маркази директори Д.А.Нишанов умуман қатнашмайди.

Шунингдек, даволанаётган беморлар ИГХ текширувларини ўзлари истаган давлат ёки нодавлат клиникаларида ўтказиш имконига эга. Ваҳоланки, Тошкент шаҳрида DDS хусусий клиникасидан ташқари кўплаб клиник лабораториялар фаолият кўрсатади (TARGET-MED, Ipsum Pathology, SWISS LAB, ABAR PATHOLOGY ва бошқалар).

Айтиш лозимки, тиббёт фанлари доктори, профессор Д. Нишанов иш бошлаган биринчи кунидан бошлаб республика бўйича патологик анатомия хизматини ривожлантириш борасида қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Жорий йилда Республика патологик анатомия маркази ҳамда давлат ва хусусий даволаш муассасалари ўртасида пуллик хизмат кўрсатиш борасида 40 дан ортиқ шартномалар тузилди.

Вилоятларда патологик анатомия хизматларини яхшилаш мақсадида муайян кунларда марказ ва ҳудудий филиаллар ўртасида видеоконференциялар ташкил этилиши йўлга қўйилиб, муаммолар ва таклифлар бевосита кўриб чиқилмоқда. Мураккаб аутопсия, биопсиялар муҳокамаси мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Натижада авваллари нофаол бўлган телемедицина хизмати ҳозирги пайтда мунтазам фаол кўринишда тикланди.

Муҳими, марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлган аутопсия (мурдани ёриб кўрилиши) жараёнлари 100% ҳолларда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Аутопсия ҳамда биопсия жараёнини муҳокама қилиш мақсадида марказ Кенгаши тузилиб, иш жараёнларининг таҳлил қилиниши йўлга қўйилди. Барча жараёнлар малакали бажарилиши ва назорат қилиниши мақсадида аутопсия хонасига кузатув камералари ўрнатилди. Натижада коррупция ҳолатларининг олди олинишига муваффақ бўлинди.

Республика миқёсида барча патологоанатомлар учун ягона стандарт протоколларининг ишлаб чиқилиши якунланиб, электрон кўринишда платформага юкланди.

Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда дам олиши учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 2024 йил декабрь ойидан бошлаб 5 кунлик иш ҳафтаси жорий қилинди.

Таъмирталаб бўлган бактериологик лаборатория таъмирланиб, керакли реактивлар билан таъминланди.

Муассасанинг биринчи қаватида беморларнинг яқинлари томонидан олиб келинган анализларни рўйхатга олиш ва жавобларини олиш учун кутиш жойлари ташкил қилиниб, юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Россиянинг Клиник-морфологик диагностика миллий маркази билан меморандум имзоланди.

Ижтимоий тармоқларда ғаразли ниятлар билан тарқатилаётган бўҳтон маълумотлар эса аҳолида марказ ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил бўлишига сабаб бўлаётгани ачинарлидир.

Республика патологик анатомия маркази.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan