Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети талабаларининг Республика патологик анатомия марказидаги кафедрага кириш учун асосий эшик беркитиб қўйилгани, бинони айланиб ўтиб фавқулотда ҳолатларда кириладиган эшикдан киришга мажбур бўлишаётгани ҳақидаги эътирозли мурожаати эълон қилинди.

Бунга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Авваламбор шуни таъкидлаш лозимки, марказ ҳудудида кўрилаётган барча ташкилий ва техник чоралар, шу жумладан, асосий кириш эшигининг вақтинча ёпилиши ҳамда талабаларнинг ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш масалалари Тошкент давлат тиббиёт университети раҳбарияти билан олдиндан келишилган ва кафедра мудирининг тўлиқ огоҳлигида амалга оширилган.

Шунингдек, айтиш лозимки, марказ биносида ҳозирги вақтда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш-таъмирлаш қоидалари ва меҳнат муҳофазаси талабларига асосан, таъмирлаш майдони орқали бегона шахслар ва талабаларнинг ҳаракатланиши хавфсизлик нуқтаи назаридан чекланган.

Бинонинг қайси блокида таъмирлаш ишлари кетаётганидан қатъи назар, муассаса ягона муҳандислик ва хавфсизлик тизимига эга бўлиб, таъмирлаш вақтида одамлар оқимини мувофиқлаштириш ва уларнинг хавсизлиги марказ маъмуриятининг бевосита масъулияти ҳисобланади.

Таъмирлаш ишлари даврида ўқув жараёни тўхтаб қолмаслиги ва талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида марказнинг орқа эшиги очилиб, кириб-чиқиш учун барча шароитлар яратилган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Тошкент давлат тиббиёт университети талабаларининг эътирозли мурожаати ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг ушбу олий ўқув юрти раҳбарияти марказга келиб, яна бир бор вазиятни ўрганди. Сўнг талабалар ўртасида тушинтириш ишларини ўтказди ва бу бўйича йиғилиш баёни имзоланди.

Ҳурматли талабалар, РПАМ маъмурияти сизларнинг хавфсизлигингиз ва бинонинг техник ҳолати учун масъуллигини чуқур ҳис қилади. Вақтинчалик ноқулайликлар сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш ва келгусида замонавий шароитларда таълим олишингизга қаратилган. Сиздан асосий эътиборни касбий билимларни эгаллашга қаратиб, муассасанинг ички тартиб-қоидаларига амал қилишингизни сўраймиз!

Республика патологик анатомия маркази маъмурияти.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan