Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Республика патологик анатомия марказининг собиқ ходими томонидан йўлланган мурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Республика патологик анатомия маркази мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни расман маълум қилади:
Мурожаатномада гўёки марказда “асоссиз ишдан бўшатиш” ҳолатлари юзага келаётгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга мутқо тўғри келмайди. Йил давомида меҳнат шартномалари ходимларнинг ўз хоҳиши ёки тарафларнинг ўзаро келишувига асосан, қонунчилик талаблари доирасида бекор қилинган. Статистик маълумотларга кўра, марказда ишдан бўшаш диаграммаси кўтарилмаган ва ҳеч қандай оммавий бўшатиш ҳолатлари кузатилмаган.
Шунингдек, мурожаатда тилга олинган “Директор томонидан марказ ходимларига босим ўтказилаётганлиги” тўғрисидаги иддаолар ҳам бутунлай асоссиздир. Боиси, марказ директори Д.А. Нишанов раҳбарлик лавозимига тайинланган 2024 йилнинг октябрь ойидан буён қисқа давр ичида шифохона жамоаси ва соҳа ривожи учун кўплаб тизимли ҳамда ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида қуйидаги ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди:
- Телемедицина қайта тикланди: Республиканинг барча вилоятларида патологик анатомия хизмати сифатини ошириш мақсадида марказ ва ҳудудий филиаллар ўртасида мунтазам видеоконференциялар ташкил этилмоқда. Унда тизимли муаммолар ва таклифлар бевосита кўриб чиқилиб, мураккаб аутопсия ва биопсиялар муҳокамаси ўтказилмоқда, соҳавий маърузалар тингланмоқда. Натижада, авваллари нофаол бўлган телемедицина хизмати ҳозирги кунда тўлиқ қувват билан ишламоқда.
- Инфратузилма янгиланди ва таъмирланди: Ташқи ҳомийлик маблағлари ҳисобидан марказ биносининг 1-қаватида жойлашган патологик анатомия кафедраси тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилди ҳамда бинонинг 2-қавати бир кисми хам хомийлар маблаглар хисобидан жорий таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, таъмирталаб бўлиб қолган бактериологик лабораторияси таъмирланиб, БАК лабораторияда иш жараёни йўлга қўйилди ва керакли реактивлар билан таъминланди.
- Халқаро ҳамкорлик кенгайтирилди: Тиббиёт университети билан яқиндан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида патанатомия кафедрасига хорижлик етакчи олимлар жалб этилмоқда. Айни пайтда Покистон давлатидан келган юқори малакали мутахассис кафедрада маҳаллий шифокор-уктувчилар билан тажриба алмашиб, фаолият юритмоқда.
Рақамлаштириш, шаффофлик ва хавфсизлик: Марказда коррупцион хавфларни бартараф этиш, шаффофликни таъминлат ҳамда меҳнат интизомини тубдан яхшилаш мақсадида тизимли чоралар кўрилди. Жумладан, марказнинг марказий кириш эшигига замон талабларига мос равишда Face ID (юзни таниш) тизими ўрнатилди. Бу эса ходимларнинг ишга келиб-кетишини автоматик назорат қилиш ва бино хавфсизлигини таъминлаш имконини бермоқда. Бундан ташқари, муассасада хавфсизлик чораларини энг юқори даражага кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда тезкор чақирув тугмалари (тревожная кнопка) ўрнатилди. Рўйхатга олиш (регистратура) хонаси ва асосий кириш жойларида фуқаролар учун «Ишонч телефонлари» бурчаги ташкил этилди..
- Ходимлар учун қулай шароитлар: Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш ва уларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш мақсадида, 2024 йил декабрь ойидан бошлаб марказда 5 кунлик иш ҳафтаси жорий қилинди.
- Шартномавий муносабатлар: Марказ клиникалар билан шартномалар тузиб алоқаларини мустаҳкамлаб, 2025–2026 йиллар давомида мамлакатимиздаги 40 дан ортиқ клиника ва тиббиёт муассасалари билан ўзаро шартномалар имзолади.
- Аутопсия жараёни назорати: Марказнинг энг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлган аутопсия (мурдани ёриб кўриш) жараёнларини қонунчилик асосида 100 фоизлик кўрсаткич билан амалга оширилиши тўлиқ йўлга қўйилди.
Бугунги кунда тизимда олиб борилаётган ушбу кенг кўламли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар жамоамизнинг ишга бўлган муносабати ҳамда ички муҳитга фақатгина ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Д.А. Нишанов иш бошлаган илк куниданоқ нафақат марказда, балки бутун республика миқёсида патологик анатомия хизматини янги босқичга кўтариш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Уни жамоамиз меҳнатсевар, ҳар бир ишда ташаббускор, ҳақиқатгўй, юксак маънавиятли, шогирдларига нисбатан меҳрибон ва кези келганда талабчан устоз сифатида яхши танийди. Профессор Д.А. Нишанов соҳага 50 дан ортиқ етук олим ва мутахассисларни тайёрлаб берган илм-фан фидойисидир.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқ кузатувчиларидан асоссиз бўҳтон ва иғволарга ишонмасликларини, ОАВ ва ижтимоий тармоклардан эса асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз.
Маьлумот учун: Ушбу муроажат килаётган собик ходим 2024 йил декабр ойида уз хохиши билан ишдан бушаган.
Республика патологик анатомия маркази Ахборот хизмати
