Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика патологик анатомия маркази собиқ ходимининг мурожаати тарқалмоқда.

Бу бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Марказга ўтган йили директор этиб тайинланган Д.А.Нишанов биринчи иш кунидан бошлаб республика бўйича патологик анатомия хизматини ривожлантириш борасида қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Унинг қатъияти туфайли иш режими тизимли ташкил этилган.

Жорий йилда Республика патологик анатомия маркази ҳамда давлат ва хусусий даволаш муассалари ўртасида пуллик хизмат кўрсатиш борасида 40 дан ортиқ шартномалар тузилди.
Вилоятларда патологик анатомия хизматларини яхшилаш мақсадида муайян кунларда марказ ва ҳудудий филиаллар ўртасида видеоконференциялар ташкил этилиши йўлга қўйилиб, муаммолар, таклифлар бевосита кўриб чиқилмоқда, мураккаб аутопсия, биопсиялар муҳокамаси мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Натижада авваллари нофаол бўлган телемедицина хизмати ҳозирги пайтда мунтазам фаол кўринишда тикланди.

Илмий фаолиятга ҳам эътибор қаратилиб, 2 та йирик илмий грант лойиҳаси тузилди. Улардан бири бўйича шартнома имзоланди. РПАМда шу кунгача мавжуд бўлмаган илмий кенгаш ташкил қилинди.

Муҳими, марказнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлган аутопсия (мурдани ёриб кўрилиши) жараёнлари 100% ҳолларда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Аутопсия ҳамда биопсия жараёнини муҳокама қилиш мақсадида марказ Кенгаши тузилиб, иш жараёнларининг таҳлил қилиниши йўлга қўйилди. Барча жараёнлар малакали бажарилиши ва назорат қилиниши мақсадида аутопсия хонасига кузатув камералари ўрнатилди. Натижада коррупция ҳолатларининг олди олинишига муваффақ бўлинди.
Республика миқёсида барча патологоанатомлар учун ягона стнадарт протоколларининг ишлаб чиқилиши якунланиб, электрон кўринишда платформага юкланди.

2024 йил ноябрь ойидан бошлаб марказнинг расмий сайти янгиланиб, ишга туширилди.
Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда дам олиши учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 2024 йил декабрь ойидан бошлаб 5 кунлик иш ҳафтаси жорий қилинди.
Таъмирталаб бўлган бактериологик лаборатория таъмирланиб, керакли реактивлар билан таъминланди.
Муассасанинг биринчи қаватида беморларнинг яқинлари томонидан олиб келинган анализларни рўйхатга олиш ва жавобларини олиш учун кутиш жойлари ташкил қилиниб, юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Россиянинг Клиник-морфологик диагностика миллий маркази билан меморандум имзоланди.
Мурожаатда марказ ходимларининг DDS клиникасига юборилгани танқид қилинган. Аслида эса лаборантлар ўз хоҳишига кўра замонавий ускуналарда ишлашни ўрганиш учун юборилган.

Айтиш лозимки, мурожаатда номлари тилга олинган ходимлар Ўзбекистон Республика Меҳнат Кодексига асосан ўз аризаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишувга ҳамда ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.

Республика патологик анатомия маркази.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan